Main » Files » Islomiy Bolim |
2014-02-18, 6:58 PM | |
— Қизни олиб дугонаси шошмай турсин, ёр- ёрай, шошмай турсин... — Куёв келди, куёв келди! Доира чалиб "Ёр- ёр” айтаётган қизнинг қўшиғи чала қолди. қизлар қий-чув қилишиб, ўзларини эшикка уришди. Ҳаммалари куёвни кўришга ошиқдилар. — Вуй-й... — Бўйининг узунлигини... — Костюмининг чиройлилигини... — Бўйинбоғига қара! — Киройи куёвинг бўлса шундай бўлса-да... — Бўлди қилинглар, уялмайсизларми? — деди доира чалган қиз. — Оиша эшитса нима дейди? Қизлар келган куёв дугоналарининг қаллиғи эканлиги энди эсларига тушгандек хижолат бўлиб лаб тишлашди ва четга чиқиб, куёв ва унинг икки навкарини тўрга, чимилдиқ томонга ўтказиб юборишди. Куёвнавкарлар бирпасдан сўнг куёвнинг бир ўзини чимилдиқда қолдириб, момолар тутган товоққа атаганларини ташлаб, чиқиб кетдилар. — Ҳай, қақажонлар, куёв ҳаммангнинг ҳушингни олдими, дейман? — деди момо қизларга, — Бориб келинпошшани олиб келмайсизларми? — Вой, эсимиз қурсин! — қизлар шовқин билан Оиша "беркитилган” уйга, унинг сирдоши Фотиманикига югуришди. — Жим! — лабларига бармоқ босди Фотима тўполон билан кириб борган қизларга. — Оиша намоз ўқияпти. — Қанақа намоз? — ҳайрон бўлди қизлар. — Шу бугун-а? — Қанақа намоз бўларди, Шом намозини ўқияпти, — деди Фотима. — Халақит бермай туринглар! Қизлар жим бўлишди. Ҳаммалари оёқ учида даҳлизга киришиб, очиқ турган эшикдан ичкарида намоз ўқиётган дугоналарини ҳавас ва ҳайрат билан кузатишди. — Ойша намоз ўқишини билмас эканмиз, — пичирлади бир қиз. — Вой, кийимларининг ярашганини қаранглар! — деди бошқаси. Уй тўрида ўзи тиккан жойнамоз устида намоз ўқиётган Оишага адрас куйлагу лозими, бахмал камзули, ияги остидан танғиб олган оппоқ ҳарир рўмоли ҳақиқатдан ярашиб турар, бу либослар уни янада жозибали кўрсатар эди. — Ана шу кийимларида кетмоқчи куёвникига, бунисига нима дейсизлар? — пичирлади Фотима. — Йўғ-е! — қизлар ҳайрат билан Фотимага тикилишди. — Ҳа, бу унинг қатъий қарори, никоҳ куйлаги олиб келгани ҳам йўқ. "Унақа куйлакни икки дунёда ҳам киймайман”, деди, — пичирлади Фотима. — Жим, намозига халақит бермайлик! Оишанинг пичирлаб оят ўқишлари, ўта малоҳат билан оҳиста рукуъ ва саждаларга боришлари қизларни сеҳрлаб қўйди.Келинни кутиб анчагина муддат ёлғиз қолган куёвнинг на келиндан, на унинг дугоналаридан дарак бўлавермагач, тоқати тоқ бўлди. — Мен энди шундоқ туравераманми, айтилмаган гадойга ўхшаб? — деди у овозини кўтариб чимилдиқ ортидагиларга қараб. — Бунча бетоқатсиз, куёв, — деди бир аёл кулиб. — Чидайсиз-да, энди, айланай. қиз боланинг нози бўлади. Пардоз-андози бўлади. Бесабр бўлманг, ўргулай! Тўлқин яна "бир соат” кутди. Келиндан дарак бўлмади. — Ҳой, бирор тирик жон борми? Бу ерга нимага келдик ўзи? — деди яна Тўлқин. — Келин келмайдиган бўлса жўраларимни чақиринглар, "Дурак” ўйнаб турайлик! — Мен шашка ўйнашни биламан, ўйнайсизми? — деди бояги аёл. — Эрим билан ўйнаб турамиз, ютқизган ўптиради. Аёллар гуриллаб кулиб юборишди. Тўлқин жаҳл қилиб чимилдиқни суриб ташлади ва ташқарига чиқиб кетди. — Қани, келинпошша қаерда? — деди у унга пешвоз чиққан жўраларига тишлари орасидан сўзланиб. — Оғирроқ бўл, оғирроқ, — деди билагидан маҳкам сиқиб ушлаб, уни четроққа тортган тоғаси Иброҳим ака. — Сенга Худо берибди, жиян. Келин намозхон экан, қўшнининг уйида намоз ўқияпти экан. Тўлқин тоғасига бироз ҳайрон бўлиб қараб турди-ю, тоғаси кўрсатган уйга қараб юрди. "Бирор ишкал қилмасин”, деган тоғаси ҳам унга қўшилди. — "Солиҳа хотин динингизнинг ярми, қолган ярмига ўзингиз ҳаракат қилинг”, деганлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом, — деди Иброҳим ака жиянининг ёнида бораркан. — Келин танлашда адашмабсан, жиян, энди бу ёғига шу келинга муносиб бўл! — Мен нима қилишим керак экан? — деди Тўлқин тоғасига ажабланиб қараб. — Намозни ўрганиб олишинг керак, жиян. Келин намозхон экан, уйингга боргандан кейин намоз пайти кирганда у жойнамозга ўтса-ю, сен бир четда бургутга ўхшаб ҳурпайиб ўтирсанг ярашмайди-да, жиян. Битта гапни айтайми? Аслида никоҳ мусулмон одамга буюрилган, никоҳ иймонли кишилар ўртасида ўқилади. — Йўғ-е, — ишонқирамади Тўлқин. — Менга никоҳ ўқилмайдими? — Сенга ўқилаверади, сендан бошқаларга ҳам ўқилаверади, жиян, бошқа иложимиз йўқ. Беникоҳ эр-хотин бўлишмасин, ҳароми болалар кўпайиб кетмасин, деб муллалар никоҳ ўқийверишади, аммо бу никоҳ Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўладими йўқми ҳеч ким билмайди, жияним. Оиша бор уйга кириб келишди. Қизлар жим-жимгина ўзларини четга олишди. Тўлқин Оиша намоз ўқиётган уйга кирди-ю, Оишанинг овоз чиқариб дуо қилаётганини кўриб, тўхтади. Тоғаси дарҳол ўтириб дуога қўл очганини кўриб, оҳиста гиламга чўккаллади. — Парвардигорим, Ўзингдан ўзга меҳрибоним йўқ, Ўзингдан сўрайман, мен бугун келин бўлиб бораётган хонадонни хайрли, баракотли қилгин! — дуо қиларди кўзида ёш билан Оиша. — Мен уларни яхши билмайман, аммо қайнотамнинг ҳам, қайнонамнинг ҳам, Сен менга муносиб кўрган жуфти ҳалолимнинг ҳам иймон-эътиқодли, инсофли кишилар бўлишидан умидворман. "Ҳар бирингизга ниятингизга яраша жуфти ҳалолни бераман”, деб ваъда қилгансан, ваъдасига вафодор Зотсан, менга муносиб кўрганинг жуфти ҳалолимни ҳам иймонли, тақводор, парҳезгар қилгин! Орзу қилганимдай хожа бериб, ундан орзу қилганимдай фарзандлар бергин, токи улар Сенга, динимизга хизмат қилсин! Имом Бухорийдай, Имом Термизийдай, Ҳазрат Навоийдай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдай фарзандларни бергин! Ана шундай фарзандларга она бўлишимни насиб қил! Жуфти ҳалолимнинг ҳам ана шундай фарзандларга ота бўлишини насиб қил! Бошқасига рози эмасман, Аллоҳим! Қалбида ана шундай ниятлари бўлмаган эрга дучор қилганингдан кўра чимилдиққа етмай жонимни ол! Тўлқиннинг аъзойи бадани жимирлаб кетди. Икки қўлининг билакларидан чумолилар галаси юриб ўтгандек бўлди. қалбидан ўтган фикрлардан мияси қизиб кетди. Тўлқин шартта ўрнидан туриб, ташқарига йўл олди. Тўлқин тўй бўлаётган уйга қайрилмай машиналар турган ерга борди. Уни кўриб, нима бўлди экан деб, ёнига келган йигитларга буюрди: — Акромни чақиринглар! Мерседеснинг эгаси бўлган Тўлқиннинг ўртоғи Акром келиб сўради: — Тинчликми куёв бола, бирор жойга бориб келадиган бўлиб қолдикми? — Мошинангни юргиз! — Хўп, ўртоқ, дўғламасдан гапирсанг ҳам юргизаман! — Кечир, дўстим, хаёлим ўзимдамас, — деди Тўлқин. Тўлқиннинг машинага ўтириб кетаётганини кўриб, унинг ортидан етиб келган Иброҳим ака сўради: — Нима бўлди, жиян, тўйхонадагиларга нима дейин? — Тоға, ҳаммаларидан кечирим сўраб қўйинг! Мен сал шошилган эканман. Мен... Менинг бу туришимда тўй бўлмас экан, тоға. Мен... Мен ҳали тўйга тайёр эмас эканман, — деди Тўлқин ва машина юриб кетар экан, ойнадан бош чиқариб деди: — Тўй кунини бошқатдан белгилаймиз, тоға, келинингизга айтиб қўйинг! • Тоғаси елка қисиб, икки қўлини икки ёнга узатганича қолди. Дўстининг гапидан ҳайрон бўлса-да, куёвнинг гапи гап. Акром машинасини юргизди. Мерседес ғизиллаб кетди. Жиянининг бир сўзли йигитлигини яхши биладиган Иброҳим ака ноилож қудаларнинг олдига кириб, вазиятни тушунтира бошлади.Тўлқин машинадан кўчани кузатар экан ўз ўй-ҳаёлларига чўмганди. Кўз олдидан дуога қўлларини кўтарган Оиша кетмасди. Унинг овози эса қулоқларида жарангларди. "Менга муносиб кўрганинг жуфти ҳалолимни ҳам иймонли, тақводор, парҳезгар қилгин! Бошқасига рози эмасман... Аллоҳим, қалбида ана шундай ниятлари бўлмаган эрга дучор қилганингдан кўра, чимилдиққа етмай жонимни ол...”. Бу айтилган сўзлардаги қатъият Тўлқинни қўрқитиб юборганди. Оиша дуосини тугатиб, ўрнидан қўзғалганида, куёв кетиб бўлганди. Дугоналари унга ҳам ҳайрат ҳам раҳим билан қарашарди. Аммо нима бўлганини тушунтириб айтишга ҳеч бирини тили бормасди. - Куёв келибдими? – деди Оиша, уларнинг пичир-пичирларига эътибор бермай. - Биласанми Оиша… - секингина қўлидан ушлади бир дугонаси, аммо қанча ўринмасин гапиролмади. - Куёв сенинг намоз уқиётганингни кўриб, кетиб қолди, - деди охири бир дугонаси. - ...Кетиб колди? Намоз уқиётганимни кўриб? – оёқлари чалкашиб кетди Оишанинг. Ёнида турган Фотима секингина билакларида тутиб уни курсига ўтиргизди. - Балки бирон нарсаси эсидан чиққандир, - ғужжилашиб гапга тушиб кетди дугоналар. Оиша эса уларнинг гапларини эшитмасди. Ҳаёлида "наҳотки, фақат намоз ўқиганим учун бўлса...”,- дерди. Бироз давом этган бу шубҳалардан сўнг у бирданига ўрнидан турди-да: - Такдиримда нима бўлса, шуни кўраман. Демак Роббим шуни менга ихтиёр қилибдими, Унинг азмига бўйсунаман, - дея, ўз уйи томон илдам одимлади. Қизлар эса унинг ортидан ҳанг-у манг бўлиб қараб қолишди. Уйига киргандан сўнггина гап нимада эканлигини айтишди. Тўлқин унинг дуоларини эшитган-у, чиқиб кетган. Яна тўйни умуман қолдирмаган, балки кечиктирган. Ойиси у билан куёвнинг тоғаси гаплашиб олмоқчи эканлигин айтди. - Нима қилайлик, кирсинми? – деди ойиси. - Албатта, ойижон, фақат сиз ҳам ёнимда туринг. • Тоғани чақиришди. - Ассалому алайкум қизим. Аллоҳ уйингизга барокотлар берсин. Энди қизим жиянимиз менимча бироз шошиб қолдилар. Шунинг учун унинг номидан узрни мен етказай. Дуоларингизни эшитиб, бошқача бўлиб кетди. Тўйни бироз кечиктиринг, илтимос, деди. Бу ерда бизнинг айбимиз ҳам бор. Фарзандларимизга дин-у диёнатни ўргатмаганмиз. Лекин сизни намозда бардавом эканлигингизни эшитиб роса ҳурсанд бўлдим, очиғи. Энди бизга бироз фурсат берсангиз, Аллоҳдан хайрлисини сўраб қоламиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Узр қизим. • Унинг сўзларидаги самимийлик Оишанинг беҳузур бўлган кўнглини бироз тинчитди. Албатта бу иш маҳалла-куйда шов- шув бўлиши аниқ, лекин тўйни қолдиришдан бошқа иложлари ҳам йўқ. - Сизлар нима истасангиз шу, - деди секингина Оиша хам. - Барака топинг кизим. • Катта карвон йўли гузарига етишганда Тўлқин Акромдан машинани тўхтатишни сўради: — Ўртоқ , мени шу ерга тушириб, ота-онамга соппа-соғлигимни етказ, илтимос! Акром астагина уфф тортди: — Лекин сенсиз қайтиб борсам нима деб ўйлашади? Бутун тўйхонани ташлаб келдик. Очиғи, нима бўлди билмайман. Тўлқин, бир нарса сўрасам малол олмагин, келиннинг бирор айби бормикан ё бошқаси билан... — Акром, жим бўл! - Тўлқининг овози бирдан кўтарилди. — Бор, кутиб қолишмасин! Келиннинг уйидаги ҳангома Акромдан олдин тўйхонага етиб борган экан. Иброҳим ака вазиятни тушунтиришга қанча уринмасин, Тўлқиннинг дадаси кетган харажатнинг куйигида ўзини босиб ололмасди. — Акром келди, Акром келди! — қора мерседесни кўрганлар бирдан шовқин солишди. — Акромжон ўғлим, ўртоғинг қани тинчликми, нима гап? — Иброҳим ака бир нарсадан умид кутгандай Акромнинг оғзига қаради. — Тўлқин соппа-соғ... — Акром бошқа нарса дея олмади. — Жони омон бўлса бўлди, лекин шунча одамни чақириб қўйиб, тўйни тўхтатгани нимаси? Намозни, тўйдан кейин ҳам ўрганаверса бўларди-ку? Боланинг беўйлиги ота-онанинг шўри деб бекорга айтишмаганда, — деб онаси додлаб қолди. Илож қанча... Карвон йўли гузарининг бошида кичкина, кўҳна масжид бор. Тўлқин болалигида бу ерга бобоси билан кўп келарди, бобосининг шу масжидга меҳри бўлакча эди. "Масжид мусулмоннинг даргоҳи болам. Бу ерда Аллоҳга яқин бўласан, ҳидоятга етасан, шафоатга мушарраф бўласан. Аллоҳнинг қаҳридан паноҳ топиб, раҳматига етишасан”, деб бот-бот такрорларди. Тўлқин ақл дунёсида ҳам жонлантиролмаган Аллоҳни қандай қилиб шу лойсувоқли масжиддан топишини тасаввур қилолмаса-да, бобосига эргашиб бу ерга келишдан сира зерикмасди. Лекин ҳозир юраги бетламаяпти. Нураб кетаётган пастгина деворлар, тут ёғочдан ясалган кичкина эшик, масжид ҳовлисидаги катта қайрағоч ҳаммаси "Ҳа, Тўлқин, энди эсингга тушдикми?” деб қарши оладигандай юрагини увиштирарди. Масжиднинг дарвозасидан кираётганида чўнтак телефони жиринглади, дадаси: -Тўлқин, нима гап ўғлим?! Нега келинни олмай кетдинг?! -Тўйни қолдирамиз, дада. Келинингиз намозхон экан… • Гапи якунига етмади. -Баракалла, хурсанд бўлмайсанми, ўғлим, тўйни тўхтатганинг нимаси?! -Мен бундан ранжиганим йўқ, дада. Аксинча, фақат ўзимнинг чала иймонимдан ўксияпман. Оила бошлиғи бўлишга киришаётган масъулиятли пайтимда кўзим очилди, дадажон. Келинингиз кўр қалбимнинг кўзларини очди. Мен бу ҳолимда Оишага лойиқ эмасман. Чимилдиққа бут иймон билан, асл мусулмон бўлиб кирмоқчиман, токи мендан туғиладиган ўғил-қизлар ҳам солиҳ фарзандлар бўлсин. Тўлан ака бирпас жим қолди. Ўзининг ҳам шунча йиллар давомида саждага тегмаган боши, тақдирнинг бу туҳфаси-ю, меҳмонлар билан ичилган ароқнинг таъсиридан ғувиллай бошлади. -Лекин ўғлим, тўйга айтилган одамлар- чи? Ҳовли тўла меҳмон… -Меҳмонларга зиёфатни бериб кузатаверинг. Ҳақиқий тўйни кейинроқ, бошқача қилиб ўтказамиз. Мени кечиринг, дада. • Тўлқин тугмани босди.Тўлқин минг ҳаяжон билан масжид томон келди, масжид ҳовлисидан келаётган овоз жуда таниш эди: • "Санинг ишқингда эй, Дилбар, ажаб девоналар бўлдим, • Бу оламда халойиққа басе афсоналар бўлдим. • Асоси салтанат узра, паривашлар шаҳаншоҳи, • Тараққум айлагил манга, эшикларда гадо бўлдим. • Сўроқлаб васли дийдоринг жамеъки халқдин сўрдим, • Эмиш жўянда ёбанда, ки ман топмай адо бўлдим” — Ахир бу, ахир бу... Тўлқин ўқдек отилиб ичкарига кирди. Ҳа, бу Ошиқ девона эди. Уни йигирма йиллар аввал бобоси билан келганда ҳам кўрарди. Ўшанда ҳам тинмай : • "Ҳар кишини дарди бўлса йиғласин ёр олдида, • Қолмасин армон юракда, қилсун изҳор олдида”, деб ғазал хиргойи қилиб юрарди. Унинг "севги қўшиқлари”нинг сабабини бобоси "Дарвеш ошиқ, болам, дарвеш ошиқ кўнгил қўйганига етмаса, жаннатнинг гулзорлари унинг оҳидан хазон бўлади, дўзахнинг оташлари унинг кўз ёшларидан ўчади”, деб изоҳларди. Соч-соқоли ўсиб юрадиган, жулдур кийимда, нигоҳлари ўткир Ошиқ девона анча қарибди, қора соқоллари оқарган, ялтираб турадиган юзлари сўлғин, асо тутиб юрадиган қўлларининг томирлари бўртиб чиққан, воажабки, ўткир нигоҳлари ҳануз аввалгидай. — Ассалому алайкум! Тўлқин Ошиқ девона эътибор бермагани учун яна бир бор салом берди: — Ассалому алайкум! Ошиқ девона бу сафар ҳам индамади. Тўлқин бироз туриб қолди, кейин девонанинг ёнига чўккаллаб, қўлидаги ниҳолдан тутди: — Мен сизга ёрдам берсам майлими? Девона яна индамади. Тўлқин эса то пешинга қадар унинг ёнидан жилмади. Бутун умри шу масжидни тозалаб ўтган девонадан бирор сўз эшитиш умидидаги Тўлқин ҳарчанд уринмасин, уни гапиртира олмади. Масжидга бирин-кетин одамлар кела бошлади. Ҳамма қора костюм-шим кийган, бўйинбоғ таққан, аллақачон чангга ботган ялтироқ туфли кийиб олган Тўлқинга қараб ўтарди. Азон айтилди, такбир туширилди, девона маъюсланди, нигоҳларини бир нуқтага тикди, бироқ намоз ўқиш учун жамоат сафига бориб турмади. Тўлқин ҳам қимирламади. Хуфтон намозидан сўнг жамоат тарқагач, девона ичкарига кирди. Тўлқин унга эргашди. У кигиз тўшалган, меҳробига қизил духоба урилган, хира лампа ёниб турган масжиднинг бир бурчагига бориб ётди-да, сал ўтмай хуррак отишни бошлади. Тўлқиннинг кўзига уйқу келмади. Бошида айланаётган минг хил фикрнинг ибтидосидаям, интиҳосидаям Оиша турарди. Қўлларини дуога кўтариб, илтижо қилаётган маъсума келинчак. Кел, эй, Дилбар, юзинг очғил, тасаддуқдир бу жон эмди, Фироқингда адо бўлди куюб бу устухон эмди.... Тўлқин ҳушёр тортди, кўз қирида секин Ошиқ девонага қаради. У синиқ товушда давом этди: Нечук айлай биродарлар бўлибман дард ила ҳайрон, Етубдир халқума жоним, манга йўқ меҳрибон эмди. Жаҳонда ҳеч киши борми жудолиқдан адо бўлган, Давосиз дардга учрабман, ўларман бегумон эмди. Ошиқ девона меҳроб томонга юзланиб то тонгга қадар йиғлаб чиқди. Тўлқин бу девонанинг бир севган қизи бўлгани, уни ташлаб кетгани туфайли девона бўлиб қолгани ҳақида эшитган эди, бироқ унинг муҳаббати бу қадарлиги хаёлига келмаганди. Нақотки, девонанинг севган қизи шунчалик гўзал бўлса, Оишадан ҳам назокатлироқмикан? У нима қилганки, бу бечора ҳушини йўқотар даражада куйиб ёнса... — Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Намозга биринчи чақириқ янгради. Тўлқин сапчиб ўрнидан турди. Ошиқ девона йўқ, ҳовлига чиқиб таҳорат олди, аммо иккиланиб, масжид ҳовлисида туриб қолди. Тоза руҳ, покиза иймони бўлмаган ҳолда саждага бош қўйишга журъати етмади. Имом масжиддан чиқар чоғи Тўлқинни саволга тутди: — Ўғлим сизни кеча ҳам шу ерда кўрган эдим. Шайтоний гумон қилмадим-у, назаримда, намозга қўшилмадингиз. Намозни адо этмасангиз бу ерда юришингиздан маъно борми? — Мен иймонсиз бўлган ҳолимда сафингизга қўшилиб гуноҳга ботмай дедим. — Астағфируллоҳ денг, ўғлим. Гумон иймонни заифлаштириб қўяди, яхши гумон қилинг. Бу ергача шайтонга бўй бермай келиш ҳам асли иймондан. Энди намозни бошлашингиз керак. Чунки азон овозини эшитган мусулмон учун масжидга келиб намозга туриш буюрилган. Сиз масжиднинг ичида бўла туриб, намозни тарк қилишингизга арзирлик баҳона йўқ аслида. Ўғлим, бу ерга келишингизга сабаб нима бўлди? Тўлқин буюк қудрат сари юзлашишига васила бўлган ожизаси Оишанинг дуолари эканлигини сўзлаб берди. Бор гапни эшитган масжид имом- хатиби Раҳматуллоҳ қори бош чайқади. -Иймонга кирганингиз таҳсинга лойиқ. Лекин белгиланган никоҳни кечиктирганингиз дуруст бўлмабди, иним. Хўп десангиз ҳозироқ бориб келинни олиб келинг. Никоҳни ўқийлик, намозни ўрганаверасиз. --Эндигина ҳаётимдаги битта тўғри қарорни қабул қилганимда мени йўлдан қайтарманг, қори ака. Аҳдим қатъий, бугунги аҳволда, қоматини кўз-кўз қилаётган аёл рақс тушаётган, ароқ сувдек ичилаётган даврада оила қурмайман. Энг муҳими, жуфти- ҳалолим, хасмимдаги аёлчалик эътиқодга эга бўлмай никоҳга кирмайман! Домла йигитнинг кўзларидаги шижоатни ҳис қилиб, фикридан қайтаришга уриниш бефойдалигини тушунди. — Ё, Аллоҳ, бир ҳикмати бўлганки, Фиръавнга ҳазрати Осиёдек аёлни насиб этгансан! Солиҳа аёл иймоннинг ярми, ўзига шукр қилингки, Аллоҳ сизга иймонли жуфтни насиб этибди. Билсангиз агар, Оиша (р.а.) ҳам Расули акрамнинг (с.а.в) энг суюкли завжаси бўлган. У ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в): "Эркаклардан камолга етганлар кўп. Аёллардан Марям бинту Имрон ва Осиёдан бошқаси йўқ. Аёллар орасида Оишанинг устунлиги тариднинг бошқа егуликларидан устунлиги кабидир ” деб айтганлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг у аёлга меҳри бўлакчалиги бошқаларнинг рашкини келтирарди. Бир куни бу ҳолни ҳазрати Фотима отасига ошкор қилганда, Расули акрам(с.а.в): "Роббимга қасамки, Оишадан бошқа ҳеч бирларининг ётоғида менга ваҳий келмайди”, деганлар. Кўрганимиздек, бу ҳам аёлнинг тўла иймонли эканидан. Ўғлим, сизнинг Оишангиз ҳам дин йўлида хизмат қиладиган солиҳ ва солиҳа фарзандларни дунёга келтириб, савобли ишларнинг бошида турадиган она бўлади, иншааллоҳ. Сиз ҳам муносиб жуфт бўлинг. Аллоҳ шунча марҳамат қилган ҳолатида, нақотки, тавбамни қабул қилмайди, деб гумон қилсангиз. Ахир У-ку марҳаматлиларнинг марҳаматлиси бўлган раҳимли, қилган хатоларимиз учун ота-онамиз жазолашса- да, тавба қилсанг кечираман, деб ваъда бериб қўйган карами кенг Зот. Имом оҳиста сўзлар, Тўлқин энтикиб йиғларди. У шу мажнун ҳолатида жойномозга ўтди. — Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм... Тўлқиндаги бу сархушликни, бу ҳаяжонни, бу завқни, бу покланишни таъриф этиш жуда мушкул эди. Ўша вақтда у жисм борлиғидан ажралди, гўёки руҳи ўзга маконда сайр қилар, у ерда Буюк Роббисининг муҳаббати, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоати ва яна Оишанинг сиймосидан бўлак нарса йўқ эди... Ойлар ўтди. Намозни мукаммал ўрганиб олган, Аллоҳнинг каломини мутолаа қилаётган Тўлқин бутунлай ўзга инсонга айланди. Қаллиғининг бунчалар қатъий қарорини аввало ҳайрат билан қаршилаган Оиша кейинчалик ўша бўлмаган тўй кунидаёқ қилган дуосининг ижобати – тақводор куёвга жуфти ҳалол бўлаётганига шукур қилиб, сабр билан никоҳларини кута бошлади. Энди ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши, тўй куни белигиланиб, исломий расм- русум адо этилиши керакдек эди гўё. Лекин тақдирнинг бу икки ёшга аталган мураккаб бир синови кутиб турарди уларни. Мана, беш ой бўлдики Тўлқиндан дарак йўқ. Оиша ҳаммасини Яратганнинг измига ташлаб қўйиб, кечалари қилган дуолари мустажоб бўлиши умидида яшарди. Шанба тонги. Телефон жиринглади. Гўшакни Оиша кўтарди: — Ассалому алайкум. Бир неча сониялик сукутдан сўнг қарши томондан жавоб келди: — Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Аллоҳ умрингизни ва илмингизни зиёда этсин. Оиша, мени танидингизми? — Очиғини айтсам, танидим-у, бу сиз эмасми деб иккиланяпман, — деб жавоб берди қиз. — Мен Тўлқинман! Бу сафар икки томон ҳам сукутда қолди. Оишанинг юраги дуккиллаб уриб кетди. — Тузукмисиз? — деб сўраганда оппоқ юзларига қизиллик югурди. — Аллоҳга шукур. Оиша, сиздан маҳр ҳаққингиз ҳақида сўрамоқчи эдим, нима талабингиз бор? Оиша ним таббасум қилди. Тўлқин билан бўлган биринчи суҳбатини эслади. Ўшанда бу йигит дабдабали тўй режаси, мерседес, ресторан, артистлар каби гаплардан бўшамаган эди. Тўлқин каби замонанинг "крутой”идан бу гапнинг чиққани Оишани қувонтириб юборди. — Билишимча, аёл кишининг ўз хожаси учун маҳрини сарфлаши жуда савобли иш экан, — деди Оиша. — Сиздан катта маҳр тиламайман, аммо ягона илтимосим шуки, шароитингиз тўғри келган вақтда мени ўзингиз билан муборак Ҳаж зиёратига олиб борсангиз! Тўлқин ҳаяжонланиб кетди. Бу маъсум фариштага меҳри юз карра ортди. Назокат билан маҳри учун Ҳаж зиёратини сўрайдиган қизнинг зеб-зийнатга, қимматбаҳо кийимларга, сайру- саёҳатларга эҳтиёжи йўқмикин, деб ажабланди. — Ойша, тўйимизни келаси ой ўтказсак дегандим, чунки янги ой Ражаб ойи бўлади. Ражаб ойи "Ашҳурул ҳурум” деган тўрт муқаддас ойнинг бири. Бу ойни покланиш ойи ҳам дейишаркан. Бу ойда қилган ибодатлар гуноҳларимизни ювади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Ражаб ойи Аллоҳнинг, Шаъбон ойи менинг, Рамазон ойи умматимнинг ойи”, деган ҳадислари бор экан. Мен шу муборак ойда сизни никоҳимга олсам дегандим. Оиша чексиз лутф этган Роббисининг марҳамати учун шукрона айтди, чунки у учун иймонли хожа энг катта саодат эди. Тўлқиннинг беш ой давомида илм олиб, бу даражада ўзгариши Оишанинг безовта руҳига сокинлик бахш этди. Жума намозини жамоат билан адо қилиб чиққан Тўлқин бугунга мўлжалланган режасини амалга оширишга киришди. Уйга бориб дадаси ва тоғасини Оишаларникига жўнатади. Тўйни кейинги жумага белгилашади. Жамоатни тўғри ҳовлиларига олиб боради. Исрофга йўл қўйилмай, энг муҳими, бир томчи ароқсиз дастурхонга ош тортилади. Аввал амри- маъруф қилган қори ака никоҳни ҳам ўқийди ва Тўлқин пок ният билан гўшангага киради… Тўлқиннинг қалбини ҳаяжон чўлғади. Оппоқ рўмолини чиройли қилиб ўраган истарали қаллиғини кўз олдига келтириб, энтикиб кетди. Такси тўхтатиб, уйларига жўнади. Мўйловли ҳайдовчи қанақадир қўшиқни димоғида хиргойи қилганича машинани бошқариб, автомобиллар оқимига қўшилиб кетди. Тўлқин унинг минғирлашига эътибор бермай бўлажак тўй ҳақидаги ўз хаёлларига берилди. Ҳайдовчи светофорнинг қизил чироғига парво ҳам қилмай газни босди. Ўнг томондан келаётган баҳайбат юк машинаси Тўлқиннинг нигоҳида қотиб қолган охирги манзара бўлди… Тез ёрдам машинаси сирена чалганча шифохонага кириб келди. Бошдан оёқ қонга беланган Тўлқинни дарҳол операцияга олишди. Ҳайдовчи воқеа жойида жон берганди. Ярим соат фурсат ўтар-ўтмас Тўлан ака ва Иброҳим акалар етиб келишди. Бирпасда шифохона Тўлқиннинг яқинлари билан тўлиб кетди. Онаси дод солди: -Э Худойим-ей, шунча йил сендан бехабар соғ-саломат юрган болам энди иймонга кирганида бу куйга солганинг нимаси?! Боламни қайтариб бер, қайтариб бер!!! Бир четда сукут сақлаб турган Раҳматуллоҳ қори босиқлик билан гапирди: -Аллоҳга шак келтирманг келинойи. Астағфируллоҳ денг. Буям бир синов. Тўлқинжон Яратганнинг бу имтиҳонидан ўтиб, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетади, иншаАллоҳ. Бошини чангалаб ўтирган Тўлан ака овози хирқираб деди: -Бечора ўғлим, шу кунларда тўй ҳаракатида юрган эди. Исломий тўй қилмоқчи эдик, қори ака. Наҳот болагинам орзусига етмай кетса?! -Ниятни яхши қилинг, Тўлан ака. Аллоҳ "Мен сабрлилар билан биргаман”, деган. Йиғига зўр бермай, ҳаммамиз Ўзига илтижо қилайлик. Илоҳо, Тўлқинжон инимиз соғайиб, оёққа туриб кетсин. Омин, Аллоҳу Акбар! Операция уч соатдан кейин якунига етиб, икки жарроҳ ҳорғин қадамлар билан чиқиб келишди. Юзларидаги оппоқ ниқоб остидан фақат кўзларигина кўриниб турар, бу кўзларда ачиниш зоҳир эди. Она катта шифокорнинг қўлларига ёпишди. -Айтинг, дўхтир, айтақолинг, боламнинг аҳволи қандай? Жарроҳ юзидаги ниқобни бўйнига туширди ва секин жавоб берди: -Яширмайман, аҳволи оғир, лекин умидни узмайлик. Ҳозир реанимацияга ўтказдик. Онанинг кўз ёшлари юзини ювди.Тўлқин беш кун деганда кўзини очди. Жон аломати бўлмаган дилбандларининг кўз очиши ҳам ота-она учун катта байрам бўлди. Тўлқин оғир киприкларини бир кўтариб туширганини кўрган онаси ақлдан озаёзди. Туну-кун боласининг ёнидан кетмаган Тўлан ака ўғлининг ёнида жилмайиб турган бўлса-да, четга ўтиб ўксиб-ўксиб йиғлади. Кунлар ўтди. Лекин Тўлқинда бошқа ўзгариш бўлмади. Ота-она қўлига- ю, бурунларига аллақандай найчалар улаб ташланган рангпар ўғиллари билан фақат шу нуридийда кўз ёрдамида гаплашардилар. Эртаю-кеч боласиниг бошида парвона она гўё ўзига ўзи гапиргандай ўғли билан суҳбатлашади: -Лабингга сув томизайми, ўғлим? Кўз юмиб очилади. Она қўлига пиёлани олади. -Қўлларингни уқалаб қўяйми, болажоним? Яна кўз юмилиб очилади. Ажаб, она ана шу биргина ҳаракатдан олам-олам маъно уқади. -Хўп-хўп, болагинам, кейинроқ уқалаб қўярман. Эшик очилди. Аввал Раҳматуллоҳ қори, ортидан Иброҳим ака кириб келишди. -Опа, сизни ташқарида бир киши кутаяпти. Биз Тўлқинжон билан гаплашиб ўтириб турамиз, сиз борақолинг. Она йулакка чиқди. Ҳижобда турган қиз унга бош эгиб, қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан салом берди. Тўлқиннинг онаси Оишани таниб, ҳаяжонланиб кетди: - Келинг, қизим! Оиша гапни нимадан бошлашни билмай бир лаҳза тараддудланиб қолди. -Шу десангиз, … у киши, … ўғлингиз яхшимилар? -Худога шукур, болам кўзини очди. -Менинг келишимдан мақсад: домлага никоҳ ўқитиб, ёнларида бўлсам дегандим. Тўйимиз қолдирилган куниёқ мен ўзимни у кишига бағишлаганман. Шу пайтгача келишга андиша йўл қўймади. Ортиқ чидолмаслигимни билиб, домланинг олдига ўзим бордим. Розиликларингиз билан никоҳ ўқисалар-у, мен ҳам ўғлингизнинг ёнларида қолсам, дардларига шерик бўлиб, биргаликда Аллоҳдан шифо тиласак! Онанинг кўзлари ёшга тўлиб, Оишани бағрига босди. Бу пайтда Раҳматуллоҳ қори Тўлқинга вазиятни тушунтирмоқда эди. -Бечора қиз никоҳсиз олдингизда қолмаслик йўлини излабди. Эртаю кеч Яратгандан сизнинг саломатлигингизни сўрабди. Энди сизга далда, онангизга кўмак бўлиш илинжида экан. Оғир кунларда бирга бўлай деб келибди. Давлатнинг никоҳидан ўтган экансизлар, хўп десангиз, мусулмонча никоҳни ҳам ўқиб қўйсак. Ундан сўнг Оиша қизимиз сизнинг олдингизда қола олар эдилар. Тўлқин намланган кўзларини юмиб очди. Унинг қовоқлари билан бир пайтда эшик ҳам очилиб, онаси ва Оиша кириб келишди. Қизни Тўлқиннинг каравоти ёнидаги курсига ўтқизишди. Ҳамманинг кўзини ёшлатган никоҳ маросими бошланди. Тўлқин ҳамма нарсани эшитиб турса-да, қалбида ажиб ҳислар туғён уриб, ҳаёли уни узоқларга олиб қочарди. Тўй кунги воқеалар яна кўз олдидан ўтди. Солиҳа жуфт-ҳалолни насиб этган, бунинг баробарида жиддий синовларга ҳам дучор қилган Аллоҳга кўнглининг туб- тубидан ҳамду санолар айтарди. Раҳматуллоҳ қорининг учинчи сўрашида Оиша секингина «розиман», деди. Шундан кейин Раҳматуллоҳ қори Тўлқинга юзланди. -Тўланбой ўғли Тўлқинжон, Эгамберди қизи Оишабибини никоҳингизга олишга розимисиз? Ёшдан хиралашган нигоҳлар Тўлқиннинг кўзларига тикилди. Лекин кўзлар юмилиб очилмади. Ҳамманинг кўнглини хавотир эгаллади. Ўн сонияча ўтиб, Раҳматуллоҳ қори яна сўрашга оғиз жуфтлади. Лекин улгурмади. Паст, лекин қатъий овоз эшитилди: -Розиман! Мингдан-минг розиман! *** Орадан бир неча ой ўтди, маҳаллада дув- дув гаплар ҳам секин аста тина бошлади. Икки тараф ҳам янгитдан тўй кунини белгилашди. Тўй куни ҳам келди. Яна ўша бизга таниш қизлар, куёвнавкарлар. Фақат энди ҳаммалари айри-айри хонадалар. Домла куёвга насиҳат қилмокда. - Мана энди биродар, сиз Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир суннатларига амал қилиб, оила қурмокдасиз. Аллоҳ баракотли қилсин. Келинимизга энди сиз тан маҳрам, уларнинг суянган тоғи бўласиз. Энди сиз уларга масъулсиз. Қани энди никоҳни ўқиб юборамизми? - Ҳа, албатта, алҳамдулиллаҳ, - дейди Тўлқин тоза кўнгил билан. Чунки энди у ўзининг мусулмон эканлигига шубҳаси йўқ. - Эгамберди қизи Оиша сиз Тўланбой ўғли Тўлқинжонга тан маҳрамликка ўтишга розимисиз? Оиша секингина "Ҳа” деди. Домла Тўлқиндан ҳам сўради. Тасдиқ жавоб олиб, никоҳ ўқиб бўлгач уларга бахту-саодат тилади. Куёв уйида келинни карнай-сурнай овози эмас, Расуллулоҳ с.а.в. га айтилган саловотлар овози кутиб олди. Оиша бениҳоят хурсанд эди. Аллоҳ унга кутилмаганда берган имтиҳонидан ўтган, бахтли бир ҳаётга қадам қўйганди. Исломий тўй, шариатга мос урф- одатлар, аҳлоқий анъаналар билан ўтказилган никоҳ маросими дабдабали тўй қилиб, беҳисоб ичкиликларни дастурхонга торткизиб, ярим бадани очиқ ўйинчига шаҳват назари билан қарайдиган дадаларни, қўша-қўша сеп қилиб, қуда томондан келадиган тоғораларнинг сони билан овора бўладиган ойиларни, елкалари очиқ ожизасининг ўртоқлари олдида кўз-кўз бўлиши ғурурига тегмайдиган йигитларни ҳам ўйлантириб қўйди. Одамлар тарқалгач, Тўлқин Оиша ўтирган хона эшигига келди, остонага қадам босаркан пичирлаб дуо қилди: — Аллоҳим унинг гўзал аҳлоқи ва гўзаллигини истайман. Унинг ёмон аҳлоқидан Сендан паноҳ тилайман! Мушк ифори таралиб турган хонанинг ўртасида юзлари ёпилган Оиша турарди.Тўлқин унга салом берди: — Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Оиша алик олди: — Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. — Меҳмон бўлиб келдим, бирор жой кўрсатсангиз, ўтирсам? — деди Тўлқин ҳазиломуз. — Хуш келибсиз, азиз меҳмон учун ҳамиша уйимнинг тўридан жой бераман, — деб жавоб қилди Оиша. Тўлқин икки қадам ташлаб Оишага меҳр кўзлари билан қаради. Уй тўрида иккита жойнамоз тўшалган ҳолда турарди. Аллоҳнинг бу бахтли жуфтлиги Аллоҳ таолога шукр этган ҳолда икки ракаат намозларини адо этишди. Қўлларини дуога очиб сўрашди: — Барокаллоҳу ликулли ваҳидин минна фи саҳибин! (Аллоҳ бизни бир-биримиз учун хайрли ва баракали қилгин!) Тўлқин ортидан иқтидо қилиб намоз уқиётган қизни унга лойиқ кўрган Роббига кўп шукроналар айтди. Ўша тўй куни қилинган дуолар унинг қалбида ҳидоят эшигини очганди. У эндигина пайғамбаримиз с.а.в.нинг "Диёнатли аёлга уйланинг» деган ўгитларининг асл маъносини тушуниб турарди. Бугунги ўқилаётган дуоларга икки жуфт қўл само сари кўтарилди... Тўлқин кўҳна масжидга мамнун ҳолда кириб келди. Ҳовлида имом ҳамда етти- саккиз одам суҳбатлашиб туришган экан. Тўлқин уларга салом бериб, одатга хилоф равишда, қадрдони Ошиқ девона кўринмаганининг сабабини сўради. — Ўғлим, Ошиқ девона олтмиш йиллик айрилиқдан сўнг суйганига етишди. Ишқ дардида кабоб бўлган юраги кеча тунда ором топди. Олтмиш йил Аллоҳнинг ишқи билан ёниб яшаган девонанинг ҳасратига Яратганинг раҳми келиб, ўз ҳузурига чорлади. Ўлим фариштаси келган чоғи унинг юзидаги бахтиёрлик буюк Роббисининг ҳузурига ташрифидан бўлса керак. Ошиқ девона: "Шамсуддин кетаяпти деб куюнманглар, янги тонг билан янги Шамсуддин туғилади”, деб жон берди, — деди Имом синиқ товушда. Тўлқин карахт ҳолга тушиб қолди. "Ё, Роббим! Кечалари ҳажрида тўлғониб чиқадиган Ошиқ девонанинг севгилиси Ўзингмидинг? Унинг қалбидаги уммон каби ишқ Ўзинггамиди? Унинг ақлини олган Сенинг васлинг эдими?” Тўлқин кўз ёшларини артар экан, ташрифининг асл сабабини баён қилди: — Бугун саҳарда келинингизнинг кўзи ёриди. Аллоҳ бизга ўғил берди. Исмини Шамсуддин қўймоқчи эдик. Шамсуддинимизнинг қулоғига азон айтиб қўйсангиз, деб келгандим. Бу гапдан имом ҳайратга тушди. Чунки Ошиқ девонанинг асл исми Шамсуддин эканлигини деярли ҳеч ким билмасди. Янги тонг билан янги Шамсуддинни юборган Аллоҳга шукрона айтиб дуо қилди: — Расули акрам (с.а.в.) "Ёшлик бебошликларидан ҳоли бўлиб вояга етган йигитга Роббингиз ҳам ҳайратланади”, деганлар. Илоҳи, Яратганнинг ўзи ўғлингизга узоқ умр ва гўзал ахлоқ берсин! Амин! | |
Views: 2312 | Downloads: 0 | |
Total comments: 0 | |